Colors
Font

Nizom

Қашқадарё вилоят архив иши худудий бошқармаси тўғрисида

 

Н  И  З  О  М

                                     

                                      I.                  Умумий қоидалар

 

1. Қашқадарё вилоят архиви иши бошқармаси (кейинги ўринларда “Бошқарма” деб юритилади) архив иши бўйича давлат бошқарувининг Қашқадарё вилоятидаги махсус ваколатли органи ҳисобланади. У ўз иш фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлигига ва Қашқадарё вилоят ҳокимлигига бўйсунади, ҳамда иш юзасидан уларга ҳисобот беради.

2. Вилоят архив иши бошқармасининг бошқарув тизимига вилоят давлат архиви ва туманлардаги давлат архивлари киради.

Вилоят ва туман давлат архивлари ўз фаолиятида улар жойлашган вилоят ва туманлар ҳокимликларига ва шунингдек вилоят архив иши бошқармасига бўйсунади.

3. Бошқарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Қашқадарё вилоят ҳокимининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлигининг низомлари, йўриқномалари, қоидалари, бўйруқлари, қўлланмалари ва кўрсатмаларига, шуниндек ушбу Низомга амал қилади.

4. Бошқарма ўзига юклатилган вазифаларни бевосита, шунингдек унга бўйсунувчи, ўз фаолиятини тасдиқлаган низомлар ва қоидалар асосида олиб борувчи вилоят давлат архиви ва туман давлат архивларии орқали ҳал қилади.

 

                                           II. Бошқарманинг асосий вазифалари ва функциялари

 

. Қуйидагилар бошқарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

вилоят ҳудудида архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

вилоятда архив иши бўйича қонуний ва меъёрий ҳужжатларига риоя этилиши, тегишли давлат идоравий ва бирлаштирилган идоравий идоралараро архивларда, ҳамда хўжалик юритувчи ташкилот, муассаса шу жумладан фермер хўжаликларида (келгусида ташкилотларда) уларнинг бажарилиши устидан таъсирчан назоратни таъминлаш;

вилоят ва туман давлат архивларида сақланаётган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини жамлаш, шакллантириш, сақловини таъминлаш, давлат ҳисобини олиб бориш ва улардан  кенгроқ фойдаланиш;

ташкилотларда архив иши ва иш юритиш аҳволи таҳлили, унинг вилоят ва туман давлат архивларида архившунослик ва археография соҳаси бўйича услубий ишларни ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш, илмий-тадқиқотлар натижалари ва илмий-техника ютуқларини давлат ва идоравий архивлар, идоравий бирлаштирилган идоравий идоралараро архивлар амалиётида жорий этиб бориш;

вилоят ва туман давлат архивлари устидан оқилона раҳбарлик қилиш, уларнинг ишончли, сифатли фаолият кўрсатишини таъминлаш;

вилоят архив муассасалари ва ташкилотларида, тегишли ҳудудлардаги архив тизими муассасаларида архив иши ва иш юритишни янада ривожлантириш ва мукаммаллаштириши борасида таклифларни ишлаб чиқиш;

архив иши соҳасидаги мамлакатимиз ва чет эл илғор иш тажрибасини ўрганиб, архивлар амалиётида қўллаш;

Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондига кирувчи ахборот ресурсларини сақлаш учун электрон архивларни тузиш, уларни фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш.

 6. Бошқарма ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради;

вилоятда архив иши ва иш юритишнинг миллий дастурлари ҳамда концепцияларининг амалга оширилишини ташкил қилади;

вилоят ва туман давлат архивларида сақланаётган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондини ҳужжатлар билан тўлдириш, сақлаш ва улардан фойдаланиш масалалари бўйича вилоят ҳокимининг қарор ва фармойишлар лойиҳасини ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда вилоят ҳокимлигига киритади, уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

вилоят ва туман давлат архивларида Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини жамлаш, рўйхатга олиш, сақловини таъминлаш, улардан фойдаланишни ташкил қилади, ўз ҳудудида архив иши соҳасида қонунчиликка риоя қилинишини назорат қилиб боради ва мониторинг ўтказади;

Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди тўғрисидаги Низомга мувофиқ вилоят ва туман давлат архивларида сақланаётган Миллий архив фонди ҳужжатлари ҳисобини бошқарма фонд катологида олиб боради ва улар тўғрисидаги маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлигига тақдим этади;

вилоятда архив ишини ривожлантиришнинг жорий ва истиқболли режаларини ишлаб чиқади, уларнинг бажарилишини таъминлайди;

белгиланган тартибда вилоят ва туман давлат архивлари тармоқлари ва тузилмаларини такомиллаштириш бўйича ишларни ташкил қилади ва олиб боради. Вилоят Молия бошқармаси билан келишган ҳолда вилоят ва туман давлат архивларини ташкил этиш ёки тугатиш юзасидан вилоят ҳокимлигига таклиф киритади;

вилоятдаги бирлашган идоравий, идоралараро (шунингдек шахсий таркиб архивлари бўйича), идоравий архивлар ишига ташкилий-услубий раҳбарлик қилади ҳамда корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг иш юритиш ҳужжатларини ташкил қилишни (хизмат кўрсатишни) амалга оширади;

вилоятдаги давлат архивларининг услубий ишларини ташкил қилади, архившунослик, ҳужжатшунослик ва археография масаладаги илмий-тадқиқот натижаларини ҳамда илмий-техника ютуқларини архив иши ва иш юритишга жорий қилиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

вилоят давлат архивларидаги ҳужжатларни илмий ва амалий қимматдорлигини экспертиза қилиш, шу жумладан давлат ахборот ресурсларини уларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлигига тақдим этади, уларни махсус рухсатномалар рўйхати бўйича тўплашни назорат қилиб боради;

белгиланган тартибда вилоят давлат архивларида сақланаётган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатлар таркиби ва мазмуни тўғрисидаги ахборотли – маълумот адабиётларини чоп этишни ташкил этади;

вилоятда ҳужжатлари Миллий архив фондига киритилиши зарур бўлган давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари тоифасини белгилайди;

Республика ва чет эл архивларининг илғор иш тажрибаларини ўрганади ва оммалаштиради, архив иши ва иш юритиш бўйича йиғилишлар ва семинарлар уюштиради;

қонунчиликда белгиланган тартибда вилоят ва туман давлат архивлари томонидан пулли хизмат кўрсатишни ташкил қилади ва кенгайтиради;

вилоятда архив иши ва иш юритишни янада ривожлантириш мақсадида чет давлатлар  ва республикадаги илғор архивлар иш тажрибасини қўллашни ташкил этади;

вилоятда архив иши ва иш юритишни ривожлантиришга йўналтирилган инвестициялар, чет эл грантлари ва лойиҳаларини жалб этиш ва сифатли фойдаланишни ташкил этади;

давлатга қарашли бўлмаган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини сотиб олишда давлатнинг имтиёзли ҳуқуқидан фойдаланиб, ўзига бўйсунувчи давлат архивларига кўмаклашади;

вилоят маҳаллий бюджетидан ўзига бўйсунувчи давлат архивларининг таъминоти ва хизмат харажатлари тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади, уларнинг молиялаштирилишини ва сарфланишини назорат қилиб боради;

вилоятда давлат ва идоравий архивлар ҳамда корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар иш юритиш хизмати ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилади;

вилоятда архив иши ва иш юритиш бўйича малакали кадрларни тайёрлашда олий, ўрта махсус касб-ҳунар ўқув юртларига амалий ёрдам ташкил этади;

вилоятда Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондига кирувчи ахборот ресурслари ва электрон ҳужжатларининг ҳимоясини таъминлашни ташкил этади;

вилоятда Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг ўта қимматли ва нодир ҳужжатларининг суғурта нусхаларини ташкил этади;

фуқароларнинг таклифлари, аризалари ва шикоятларининг ўз вақтида кўриб чиқилишини ташкил қилади, консуллик сўровлари бажарилишини таъминлайди.

Бошқарма шунингдек амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни ҳам бажаради.

        

                                             III. Бошқарманинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

 

7. Бошқарма қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлигига вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларига архив ишини янада яхшилаш ва иш юритиш ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;

вилоят давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан, идоравий бўйсунишидан ва мулкчилик шаклларидан қатъий назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда идоралараро шахсий таркиб архивларидан архив иши ва иш юритиш ҳужжатларини ташкил қилиш, шунингдек бошқарма ваколатига тегишли бошқа зарур маълумотларни сўраб олиш;

Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақловчи вилоят давлат архивларидан, корхоналар, муассасалар, ташкилотлардан, кутубхона ва музейларнинг қулёзмалар бўлимларидан, шунингдек фуқаролардан бошқарма фондлар каталоги учун маълумотлар олиш;

вилоятдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан, мулкчилик шаклларидан қатъий назар, шунингдек идоралараро шахсий таркиб архивларидан идоравий архивлар ва иш юритиш ҳужжатларининг ташкил қилиш бўйича материаллар олиш;

корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ва идоралараро шахсий таркиб архиви вакилларининг архив иши ва иш юритиш ҳужжатларини ташкил қилиш бўйича ҳисоботларини эшитиш, аниқланган камчиликларнинг тугатиш бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

вилоят корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари томонидан архив иши ва иш юритиш ҳужжатларини ташкил қилиш бўйича ишлаб чиқилган низомлар, йўриқномалар, қоидалар, йиғмажилдлар, номенклатуралар, ўқув дастурлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларни келишиб бериш;

вилоятнинг мансабдор шахсларини корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва идораларда сақланаётган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларининг ўғирланиши, яроқсиз ҳолга келтирилиши, яширилиши ёки ноқонуний йўқ қилинишига олиб келган шароитлар яратганлиги ҳолатлари бўйича қатъий  чора кўриш учун вилоят тергов органларига хабар қилиш;

архив иши ва иш юритиш ҳужжатларини ташкил қилиш масалаларини кўриб чиқиш учун доимий ва вақтинчалик идоралараро комиссиялар ва кенгашлар тузиш.

Шунингдек, вилоят бошқармаси ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиқадиган ваколатлари доирасидаги бошқа ҳуқуқларга ҳам эгадир.

8. Бошқарманинг масъул ходимлари ўз хизмат бурчларини бажаришлари учун, мулкчилик шаклларидан қатъий назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг архивлари ҳамда иш юритиш хизматларига белгиланган тартибда кириш ҳуқуқига эгадирлар.

9. Бошқарма вилоят ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларининг жамлаш, шакллантириш, давлат ҳисобини олиб бориш, сақловини таъминлаш ва улардан фойдаланиш ҳамда вилоят ва туман давлат архивларининг фаолиятини ташкил этишга жавобгардир.

 

 

                                                     IV. Бошқарма фаолиятини ташкил этиш.

 

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 3 февралдаги 49-сонли қарорининг 6-бандига асосан бошқармага Қашқадарё вилоят Ҳокими билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги бош директори томонидан лавозимга тайинланадиган  ва ундан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.

11. Бошқарма бошлиғи;

Вилоят бошқармага юклатилган вазифалар ва функцияларни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлигининг Низомлари, йўриқномалари, қоидалари, бўйруқлари ва кўрсатмаларини бажарилиши учун шахсан жавоб беради, ҳамда бошқарма масъул ходимларининг шунингдек вилоят ва туман давлат архивлари директорларининг фаолиятига раҳбарлик қилиш жавобгарлиги даражасини белгилайди;

Қашқадарё вилоят Ҳокимлигининг қарорлари ва фармойишлари асосида ва уларни бажариш мақсадида ўз тасарруфидаги ташкилотларга тегишли бўйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Қашқадарё вилоят давлат архиви директорини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги билан келишувга биноан, туман давлат архивлари директорларини эса тегишли туман, шаҳар ҳокимлари билан келишган ҳолда, шу билан бирга бошқарма девони ходимларини лавозимга тайинлайди ва ундан озод этади;

Бошқарма девонининг меҳнатга ҳақ тўлаш фонди, штатлар жадвали ҳамда бошқарма девони ва вилоят ва туман давлат архивларини таъминлаш харажатлари сметасини тасдиқлайди. Қашқадарё вилоят молия бошқармаси билан келишилган ҳолда ходимларни моддий рағбатлантириш ва иш ҳақи тизими ҳамда миқдорини белгилайди.

12. Вилоят бошқармаси ходимларининг умумий сони ва тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида ўзгартирилиши мумкин.

 

13. Бошқармада таркиби 7 кишидан иборат :

Бошқарма бошлиғи (раис)

Вилоят давлат архиви директори (раис ўринбосари)

Бошқарма бош мутахассис (дирекция котиби)

Туман давлат архивлари директорларидан иборат дирекция ташкил қилинади.

Дирекция тўғрисидаги Низом ва аъзоларининг шахсий таркиби бошқарма бошлиғи томонидан тасдиқланади.

Дирекция аъзолари бошқарма бошлиғи томонидан тасдиқланиб расмийлаштирилади. Бошқарма бошлиғи билан дирекция аъзолари ўртасида келишмовчилик бўлса, бошлиқ ўз фикрини “Ўзархив” агентлигига маълум қилиб, ўз қарорини эълон қилади, аъзолари ҳам ўз фикрларини “Ўзархив” агентлигига маълум қилишлари мумкин.

 

 

Дирекция ўз мажлисларида вилоятда архив ишини ривожлантириш, жорий ва истиқбол режаларини бажарилиши, меъёрий ҳужжатлар ва услубий қўлланмалари лойиҳаларини, идоралараро муносабатларни ривожлантириш ҳамда давлат, идоравий архивлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг архив ишини юритиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади, тегишли қарорлар қабул қилади.

14. Бошқарма ҳузурида вилоятда Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди таркибини белгилаш, давлат ва идоравий архивларда сақланаётган ҳужжатларнинг қимматдорлигини аниқлаш ва корхоналар, муассасалар, ташкилотларда иш юритиш ҳужжатларини ташкил қилиш масалаларини кўриб чиқиш учун эксперт-текширув комиссия (ЭТК)си фаолият кўрсатади. Унинг шахсий таркиби ва Низоми бошқарма бошлиғи томонидан тасдиқланади.

15. Бошқарма алоҳида харажатлар сметасига эга бўлиб, вилоят ва туман давлат архивларини ҳисобга олган ҳолда, вилоят бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштиради (вилоят молия бошқармаси билан келишилган ҳолда, туман давлат архивлари тегишли туман, шаҳар ҳокимликлари молия бўлимлари томонидан молиялаштирилиши мумкин).

16. Бошқарма юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ҳамда ўз номи ёзилган муҳрга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб ва бошқа ҳисоб рақамларига эга бўлади.

17. Бошқармани қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.